Главная - Новости - Бухорода портлаган автобус ҳалокати бўйича жиноий иш очилди

Бухорода портлаган автобус ҳалокати бўйича жиноий иш очилди

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилди. 

Хабарингиз бор, бугун, 18 сентябрь куни соат  “Когон-Қоровулбозор” йўналишининг 201-километрида ҳаракатланиб кетаётган автобуснинг газ баллони портлади.  Оқибатда автобусдаги 26 йўловчидан 4 нафари ҳодиса жойида ва 1 нафари шифохонада вафот этган. 21 нафар йўловчининг 5 нафари оғир, 7 нафари ўрта оғир ҳамда 9 нафари енгил аҳволда. 5 нафар аҳволи оғир бемор Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига, қолганлари эса Когон шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам марказига ётқизилиб, уларга шифокорлар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. 

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят ИИБ тергов бошқармаси зиммасига юклатилди ва вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда. 

Дастлабки тергов давомида судга оид тиббиёт, автотехника ва ёнғин техника экспертизалари тайинланди. 

Шунингдек, “Zelich oil” метан газ қуйиш шохобчасида автомобилларга ёқилғи қуйиш нормаларига риоя қилиниши аҳволини ўрганишга мутахассислар жалб қилиниб, тегишли ишлар олиб борилмоқда. 

Аниқланишича, Қоровулбозор туманидаги “Раҳмон Аҳмад” фермер хўжалиги раҳбари Р.Аҳмедов ва Вобкент тумани Хайрободча қишлоғида яшовчи Г.Розиқова қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этиш учун ташкил қилинган 25 нафар фуқародан иборат мавсумий мадад гуруҳини Вобкент туманидан Қоровулбозор туманига олиб бораётган пайтда ушбу ҳодиса содир бўлган. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига биноан вафот этганлар оиласига 10 миллион сўмдан, оғир тан жароҳати олганларга 5 миллион сўмдан ва бошқа жароҳатланганларга 2 миллион сўмдан моддий ёрдам пули ажратилди. 

Марҳумларнинг жаноза маросимлари учун барча харажатлар Вобкент туман ҳокимлиги томонидан амалга оширилмоқда.
Комментарии (0)
Комментировать
Информация
Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.